Хуш келибсиз, меҳмон!

Мана бу саҳифаларга ҳам кириб кўринг:

 


 

Абдураим АБДУВАҲОБОВ


20 Октябр 2009

cinemashhur

 

Ғарб болалар адабиёти ва киноси дурдоналари қаторида “Том Сойёрнинг саргузаштлари” асари ҳурмат билан тилган олинса, ўзбек болаларининг ҳаётини акс эттирган “Шум бола” асари ва киноси ҳам боқий санъатимиз намуналаридан биридир. “Шум бола” киносини кўриб, ундан завқланмаган,  унинг шумликларидан ҳайратланмаган томошабин бўлмаса керак. Филмда болаларнинг беғубор ҳаётини ноёб санъат даражасида моҳирона акс эттирган, “Шум бола” ролини болаларга хос шумлик ва шўхликлар билан яраштириб кадрларга мангу муҳрлаган истеъдодли актёр, cinemashhur саҳифамиз меҳмони, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Абдураим АБДУВАҲОБОВдир.

 

ФАРИШТАЛАР “ОМИН” ДЕГАН ЭКАН...

Ҳар бир боланинг орзулари шундай чексиз уммонки, бу орзуларни бир қолипга жамлаб бўлмайди. Уммон тинмай тўлқинланиб турганидек, орзулар ҳам ўзгараверади... Бир куни милиционер бўлгиси келса, эртасига учувчи бўлишни орзу қилиб қолади. Кўнглига туккан бу ниятлари сал фурсатдан кейин ўзгарадию, бирдан жосусларни қўлга туширадиган аскар бўлиб қолгиси, ҳаммани қойил қолдиргиси, масхарабоз бўлиб, циркда одамларни кулдиргиси... Хуллас, мактабда “икки” баҳо қўйган ўқитувчисини лол қолдиргиси келади... Ҳар биримиз болалигимизнинг қайсидир дамларида мана шундай орзулар уммонига ғарқ бўлганимиз шубҳасиз.

Ёшлигимдан санъатга ихлосманд эдим. Болалигимда мактабдан қолиб, ҳовлимиздаги дарахтлар, токларнинг соясида ҳар хил қилиқлар қилиб, роль ўйнар эканман. Бу ҳолатни кўрган раҳматли дадам онамга қараб: “Бу артист бўлади-ёв”, деб қўярканлар. Бизнинг оиламизда ҳам, авлодимизда ҳам санъаткор бўлмаган. Лекин дадамнинг ўша гапларига фаришталар омин деганми, бошқа орзуларимга нисбатан санъатга бўлган қизиқишим устун келиб, Абдураим Набиев номли тўгаракка қатнай бошладим. Ўша пайтларда Ёш томошабинлар театрида ҳам бир қатор роллар ўйнаганман.     

 

“ШУМ БОЛА”ГА ТАНЛОВ...

 Пойтахтимиздаги 11-мактабнинг 7-А синфида ўқиб юрган кезларим эди. Газетада 7-14 ёшлар атрофидаги болалар ўртасида филмда рол ўйнаш учун танлов эълон қилинганлиги ҳақида хабар эшитиб қолдим. Ёшим 13 да эди. Шунақанги қувондимки... Тенгқурларимнинг ижодий жараёнда иштирок этаётганларини кўриб, бор куч-ғайратимни ишга солганман. Ушбу филм устида кино санъатимизнинг даҳолари ҳисобланган Дамир Салимов, Александр Наумов, Шуҳрат Аббосов, Тимур Қаюмов, Бахтиёр Назаров, Комил Яшин каби инсонлар бош қотираётган эдилар. Қолаверса, Ҳамза Умаров, Ёқуб Аҳмедов, Рихси Иброҳимова, Абдулҳай Қосимов, Эргаш Каримов, Воҳид Қодировдек актёрлар жамоасининг меҳнат маҳсулини тасаввур қилиш қийин эмасди. Аввалига асардаги Омоннинг, ундан кейин Қоравойнинг ролини машқ қилиб юрдим. Танлов якуни ва бадиий кенгаш йиғилишида менга асосий қаҳрамон ролини ўйнашимни айтишди. Ўшанда қанчалик хурсанд бўлганимни тасаввур қилолмайсиз...

 

КОМЕДИЯ ЗАМИНИДАГИ ЖИДДИЯТ

Атоқли ёзувчимиз Ғафур Ғуломнинг кенг оммага мўлжалланган “Шум бола” қиссаси кўпроқ саргузаштга бой, кулги асари деб баҳолаб келинган. Маълумки, адиб ҳикояни ўзи ўсган муҳит билан таништиришдан бошлайди. Эҳтимол, Шум боланинг турфа хангомаларга бой саргузаштлари, ундаги ичакузди ҳолатлар асарнинг шундай баҳоланишига асос бўлар. Бироқ, эътибор қилинса, адибнинг кулгиси ботинида унинг замонаси ҳақидаги анчагина жиддий ўй-фикрлари, таҳлилий мулоҳазалари ётганини ҳам кўрамиз. Масалан, бир эпизод эсингиздами? Ўлгудай хасис Сарибой боғда ишлаган боланинг меҳнат маошини беришдан бош тортади. Аммо “етимнинг ҳаққи” деган гапни эшитиб, дили озгина бўлса-да эрийди ва Қоравойга "Бир қоп чириган-пириган олмадан бериб юборишларини" айтади.

Бошқача қилиб айтганда, адиб Шум бола нигоҳи билан ўша даврни кузатаркан, унга таҳлилий назар ташлаб, замон фожиалари илдизини очиб беришга интилади. Қиссадаги ҳаёт тасвиридан “ортиқ бу тарзда яшаб бўлмайди, жамият ислоҳ қилиниши керак” деган хулоса келиб чиқади. Бу хулоса эса ўша давр зиёлиларининг қарашларига ҳамоҳангдир.

 

ЎХШАМАГАН “ҲАЛФАНА”...

Ўқувчи ва томошабинга яхши таниш эпизодлардан бири бу – филм бошидаги Ҳалпана воқеаси. Унга кўра Қоравой шериклари билан келишиб, ҳалпана учун ёғ келтиришни ўз бўйнига олади. Дўппи тагидаги тухум эса Қоравойнинг ўзидан чиққан фикр бўлиб, бу иши билан шерикларига бир ўзини кўрсатиб қўймоқчи бўлади. Ҳали бир касофатнинг иссиғи совимасидан иккинчиси билан қўлга тушади. Шўрлик она Қоравойнинг бу қилмишидан аччиқланиб, уни койийди ва қўлидаги ўқлоғи билан тўсатдан бошига тушириб қолади.

Ҳозиргача эсласам, кулгим қистайверади. Дўппи тагидан оқиб тушган тухум эпизодини суратга олишга роса қийналганмиз. Тахминан 15тача тухум кетган-ов. Риҳси опам урадилар, ўхшамайди, урадилар, ўхшамайди... Асистентлар дўппини ювиб, бир пасда дазмоллаб, қуритиб беришади. Яна машғулот... Дўппининг тагидаги синган тухум аксига олиб, ҳар сафар бошимнинг орқа томонига оқиб кетаверади... Хуллас, бир амалладик-да!

Эътиборли жиҳати шундаки, шўх ва ўйинқароқ Қоравой ўз оиласига ҳиёнат қилганини тушуниб, ич-ичидан эзилиб кетади. У бу нарсани ўша лаҳзадаёқ тушунади. Онасидан ўтиниб кечирим сўраса бўларди, лекин у ойисига жавобан бор йўғи: “Унақа деманг, Ойи  и-и...” дейди, тамом! Унинг ғурури, ор-номуси синиб, ер билан битта бўлади. Қилмиши учун ер ёрилсаю ерга кириб кетса. Изза бўлган Қоравойнинг онаси қошида туришга журъати етмай, уйидан шиддат билан қочиб чиқиб кетади... Уни олдинда мусофирликнинг оғир синовлари кутарди. Бечора она “боламнинг бошини ёриб қўйдим”, дея озорланиб қолади.

        

МУКАММАЛ АСАР ҚАДРЛИ БЎЛАДИ

Филмдаги энг қизиқ эпизодлардан яна бири эшакни сўйиб қўйган пайтим эди. Унинг жазоси эвазига бой отанинг от қамчиси тўрт дубл ростмана урилган. Бу режиссёрнинг талаби эди. Елкаларимда қамчи изи қолгани эсимда... 

Умуман, филмдаги воқеалар, айниқса, отасиз ўғилнинг ҳаёт тарзи  менга бегона эмас эди. Бу нарсалар филм қаҳрамонининг ҳақиқий кечинмаларини очиб беришимга асос бўлган, деб айта оламан. Бундан ташқари, филм ижодкорлари ҳам ўз ишларини қойилмақом қилиб уддалаганлар. Филм оператори Тимур Қаюмов битта эпизодни суратга олиш учун ярим кун вақт сарфларди. Филм устида ишлаган ҳар бир ижодкор мукаммалликка интиларди. Шу туфайли бўлса керак, “Шум бола” филми қарийб 31 йилдан буён экранларимизда...

Бугунги киноларимизга юқори савия ва мукаммаллик етишмаяпти. Сценарийни олган актёрда ҳеч қандай саволга ўрин қолиши керак эмас.     

Яқин тарихга мурожаат этайлик. Масалан, “Шайтанат”. Бу асар тасвирга олинмасдан бурун китобхонлар эътиборини қозона олди. Одамлар бир-бирлари билан алмашиб, талашиб ўқишди бу китобни. Ҳеч иккиланмасдан, кино ишлашга киришилди. Сабаби, асар умрбоқий. Воқеалар кучли акс эттирилган. Унинг Москва каналларида эфирга берилиши ўзбек киносининг катта ютуғи эмасми?! Бу шундай оҳанрабоси кучли асарки, томошабин бир ўтиришда ҳаммасини қимирламай кўради. Мана буни ижод, еҳнат маҳсули деса бўлади...

Ёш кинорежиссёр Рустам Саъдиевнинг “Муҳаббат синовлари” филмини олинг. Тан олиш керак, жуда катта шов-шувга сабаб бўлди. Томошабин кўплигидан Алишер Навоий номли Санъат саройининг эшиклари синиб кетди. Рустам мендан хафа бўлмасину, бошқа бунақа филм ололгани йўқ. Мен бу гапни унинг ўзига ҳам очиқ айта оламан. Ўша филмдан кейин мени Маҳкам ака деб чақирадиган бўлишди. Филмни кўрган баъзи ўғиллар оталарига машина олиб берганларини эшитиб, хурсанд бўлдик. Мана сизга кинонинг таъсири! Кинога тушган одам ундан қайсидир маънода сабоқ олиши керак. Ана шундагини уни санъат асари дейиш мумкин…

 

ТЕАТР – МАЪНАВИЙ ТАРБИЯ МАСКАНИ

Театр - ҳақиқий маданият ўчоғи. Бу ҳақда ҳар қандай баҳсга тайёрман. Киши оддий турмуш  ишларидан чарчаганида   маънавий ҳордиқ олишни хоҳлайди. Бунинг учун йўналиш тайёр: Театр! Театр – бу киши онгига, маънавий салоҳиятига, ёшига, жинсига, тарбиясига бевосита боғлиқ. Театр оламига тушган кишини бир куч бошқаради. Бу куч томошабинни спектакл воқеалари билан биргаликда яшашга, уларни ўйлашга, ўша давр муҳитини ҳис қилишга, қаҳрамонлар йиғласа-йиғлашга, кулса-кулишга мажбур этади. Унинг сирлилиги ҳам мана шунда. Мен комил ишонч билан айта оламан: Театр – маънавий тарбия маскани.    

Театр ҳақида гап кетар экан, “Чимилдиқ”ни четлаб ўтиб бўлмайди. Минг маротаба қўйилди. Агар мақтанишга йўйишмаса, “Чимилдиқ” асарининг ўзи “театр-томошабин” мавзусига чек қўйди. Водий вилоятларида “Чимилдиқ”ни киносеанс қилиб намойиш этдик. Меҳнатимиз қадрланганини тўла ҳис қилдим. Актёр учун бундан ортиғи бўлмаса керак.

 

ТИЛАКЛАРИМ...

Илм ва интилишда гап кўп... Актёр сценарийга ўз истеъдодини ҳам қўша билиши керак. Ёшлари улуғ устозларимизнинг ҳаммаларини қадрлайман. Уларнинг ижодидан завқланаман. Шунингдек, хориж киноларига ҳам бефарқ эмасман. Айниқса, Италия филмларини яхши кўриб томоша қиламан. Уларнинг ижро маҳорати ўзбекларникига ўхшаб кетади...

Ватанимиз, санъатимиз ва томошабин учун ҳар қандай хизматга тайёрмиз! Янги нашрдан чиқа бошлаган ушбу “CinemaMagazine” журнали ҳам кино санъатимиз соҳаларини кенг ёритишга мўлжалланган ягона нашр десам, адашмайман. Устига-устак,  ҳар сонида бирор машҳур ўзбек киносининг DVD дискда совға сифатида тақдим этилиши журналхонлар учун катта эсдалик. Халқимизга эсдалик тақдим этишда “CinemaMagazine” журнали ижодкорларига омад, бахт ва саломатлик ҳар доим ҳамроҳ бўлсин.

“CinemaMagazine” журналини харид қилган мухлисларимиз эсдалик совғаси бўлган “Шум бола” филмини албатта томоша қилишсин.

 

Нурали РИЗАҚУЛОВ суҳбатлашди




 

Шу юлдузнинг бошқа интервьюлари

Интервью Эркин Аъзам: ҳаёт ҳақиқатидан қочмайлик...
Интервью Юлдузлар осмондан тушадими?
Интервью Аёл - ўқилиши қийин китоб!
Интервью Dilnoza Kubayeva: "Bolaligimda televizorga chiqishni orzu qilardim"


Янги интервьюлар

23 октябр 2009
Фарзандларимсиз ҳеч кимман



23 октябр 2009
Юлдузлар осмондан тушадими?



23 октябр 2009
Эркин Аъзам: ҳаёт ҳақиқатидан қочмайлик...



20 октябр 2009
Абдураим АБДУВАҲОБОВ






Кўп кирилган саҳифалар:

  Ҳинд фильмлари   Киноафиша   Кино янгиликлари   Фильмларнинг шарҳлари   Иш жойлари