Хуш келибсиз, меҳмон!

Мана бу саҳифаларга ҳам кириб кўринг:

 


 
Журнал > Юлдузлар билан суҳбатлар > Интервьюлар > Эркин Аъзам: ҳаёт ҳақиқатидан қочмайлик...

Эркин Аъзам: ҳаёт ҳақиқатидан қочмайлик...


23 Октябр 2009

Эркин Аъзам: Бугунги кунда ноширлардан аҳвол сўрасангиз, қоғознинг танқислигидан шикоят қилади, киночилар - яхши сценарий, театрда эса яхши пьесанинг йўқлигидан нолиб гапирадилар. Лекин шунга қарамай, китоб ва газета нашрлари ёки кино ишлаб чиқариш тўхтаб қолгани йўқ. Аммо, ҳар қандай маҳсулотнинг сифати унинг хомашёсига бевосита боғлиқ бўлади. Киноасарнинг дунёга келишидаги илк асос унинг адабий негизи ­– сценарий ҳисобланади. «Опамнинг овқатини ширин қилган - поччамнинг масаллиғи» деган гап бор. Лекин, яхши ёзилган, адабий жиҳатдан пухта сценарийдан - ўртамиёна кино, бундайроқ сценарийдан эса (албатта, режиссёр истеъдодли бўлса) яхшигина киноасар дунёга келиши ҳам мумкин. Шуни таъкидлаш лозимки, яхши киноасарнинг дунёга келишида сценарий муаллифи билан режиссёрнинг ҳамкорлиги ниҳоятда муҳим. Агар улар ҳамкорликда ишламаса, режиссёр муаллифнинг фикрларига беписанд қараса, унда яхши натижа кутиш қийин. Бундай ҳол менинг ҳам бошимдан кечган. 90-йилларда «Пиёда» деган ҳикоям асосида бир фильм суратга олинди. Сценарийни Юсуф Розиқов билан ҳамкорликда ёздик. Бироқ фильмда ҳикоянинг асосий мақсади яхши очиб берилмади. Фильм менга ёқмагани учун титрдан фамилиямни олдириб ташладим. Яна бир бор амин бўлдимки, муаллиф билан режиссёр ҳамфикр бўлмас экан, аҳвол шунга олиб боради. Тўғри, сценарийдаги баъзи ўринларни техник жиҳатдан суратга олиш қийин кечар. Бундай ҳолларда режиссёр муаллифга бир оғиз бўлса ҳам айтиши лозим.

 Қаҳрамонлар характерини очиб беришда, сценарийнинг бадиий жиҳатдан мукаммал бўлишида сценарий муаллифи ҳал қилувчи томон ҳисобланади. Сценарийдаги реплика, диалоглар Бадиий ҳайъат томонидан тасдиқлангандан сўнг унга ҳадеб ўзгартириш киритмаган маъқул. Лекин, сўнгги йилларда режиссёрлик фильмлари олдинги ўринга чиқиб кетди. Бундай киноларни кўпинча «бир-бирига ўхшаш дугоналар» деб атагингиз келади. Чунки, режиссёрлар енгил-елпи ёзилган сценарийлар асосида фильм олишни урф қилишди. Хусусий студиялар кўпайиб кетганини айтинг! Афсуски, улардан чиқаётган аксарият маҳсулотлар ҳинд фильмлари андозаларига мослаб ишланмоқда...

С.М: Эркин Аъзам шу фикрларни айта туриб , ўйланиб қолди ва мендан «Ўзингиз тез-тез кино кўриб турасизми?» деб сўради.

Мен иложи борича кўришга ҳаракат қилишимни айтдим. Суҳбатдошимнинг чеҳраси янада жиддийлашди: кинодраматургияда рўй бераётган ўзгаришларга бефарқ эмаслиги, юрагида анчагина дард борлигини сезиш қийин эмас эди.

 

Эркин Аъзам: «Дугоналар» мақомидаги фильмлар кинопрокатни босиб кетган. Режиссёрлар шундай фильмларни суратга олишни яхши кўришар экан. Гоҳо қўлларига тайёр сценарийни берсангиз, ундан фақат қаҳрамонларнинг исм ва фамилияси қолади, холос. Асарнинг мавзуси ҳам бутунлай ўзгариб кетади. Режиссёр ўз хаёлидан кечган ва ўзи билган воқеа-ҳодисаларни «бўтқа» қилиб томошабинга етказишга уринади. Айб фақат ўзбошимча режиссёрларда эмас, балки ўз сўзига меҳри йўқ муаллифларда ҳам. «Кино бўлса - бўлди», деб юрадиган муаллифлар ҳам кўпайиб кетган. Натижада эса «мўрт кинодраматургия» бозори вужудга келди. Севишган икки қаҳрамон тақдири ва гўзал қилиб олинган манзаралар , таниқли «юлдуз»лар ижросидаги қўшиқлар... Бундай фильмларни яна «хонтахта» деб аташ ҳам расм бўлган. Тўғри, зўр видеокамера ва бошқа замонавий техника воситалари ёрдамида суратга олинган бундай фильмлардан оддий томошабин «маза» қилиши мумкиндир. Аммо, кино кўригидан кейин у ҳақидаги таассуротини сўрасангиз, фақат ўша бош ролдаги «юлдуз»нинг исмию ижро этилган қўшиқларни айта олади, холос.

С.М: Дарҳақиқат, кинохазинамиздан жой олган, кекса ва ўртаяшар томошабинлар қалбига муҳрланиб қолган «Ўткан кунлар», «Маҳаллада дув-дув гап», «Ёр-ёр», «Мафтунингман», «Тоҳир ва Зуҳра» сингари фильмларга ўхшаш санъат асарлари яратиш вақти келмадимикин? Наҳотки, яхши сценарийнавис ва муаллифнинг фикрини тўла-тўкис англаб, пухтароқ талқин эта оладиган режиссёрларимиз кам? Сўнгги пайтларда, ёзувчимиз таъкидлагандек, экранларимиз асосан тижорат фильмлари билан банд бўлмоқда...

Э.А. Мен профессионал кино тарафдориман. Бундай фильмларга катта маблағ талаб этилгани учун давлат буюртмаси асосида суратга олинади. Бунда тасвир кинотасмага туширилади. Тасмада суратга олинган фильмлар жонли , умрбоқийроқдир. Албатта, буларни ҳам бир мезон билан ўлчаб бўлмайди.

Кечагина Марказий Осиё киночиларининг форуми бўлиб ўтди. Бундай анжуманлар кино санъатининг юксалиши , ривожланишига катта ҳисса қўшади. Мен ана шу форум доирасидаги миллий фильмлар танлови хайъатига раис эдим. Биз турли студияларда суратга туширилган 17 та картинани томоша қилдик. Хусусий киностудиялар асосан тижорат фильмлари билан қатнашди. Албатта, бундай фильмларнинг «бозори чаққон» бўлади. Чунки, улар кўпинча томошабиннинг дам олишига «хизмат қилади». Бу ҳам керак, албатта. Лекин санъат деган гап ҳам бор-да...

Янгича руҳ , янги фикр, янги характерларни тижорат фильмларида деярли учратмайсиз. Уларнинг ҳаммаси бир хил, кўнгилни аллалайдиган, «ширин сақич»га ўхшаш...

Жиддий, инсонга маънавий озиқ берадиган, кишини ўйга толдирадиган, чинакам тарбиявий аҳамиятга эга фильмларимиз, афсуски, кам. Кинофорумларда, албатта, сценарийси мукаммал, ҳаётнинг ҳаққоний тасвирлари акс этган, истеъдодли актёрлар иштирок қилган фильмлар тақдирланади. Лўнда қилиб айтганда, жиддий фильмлар барибир ғолиб бўлиб қолаверади.

 

С.М.: Эркин Аъзам сўнгги йилларда ҳамкор кинодраматург сифатида баракали ижод қилди. ««Чантриморэ», «Пиёда», ««Эркак», «Дилхирож», «Забаржад», «Жаннат қайдадир» ва келаси йил бошида томошабинлар эътиборига ҳавола қилинадиган «Сув ёқалаб» фильмлари шулар жумласидандир.

Суҳбатимиз сўнгида Эркин акадан кино санъатимиз, шу жумладан, ўзи муаллиф сифатида қатнашган фильмлар ҳақида ҳам сўзлаб ўтишини сўрадик.

Эркин Аъзам: Ўзимга тегишли фильмлар ҳақида гапириш ноқулайроқ. Майли, «Дилхирож» фильми ҳақида бир-икки оғиз. Бу фильмнинг нусхаси Япониянинг Фукуоко шаҳридаги киномузейда сақланади. Фильм Халқаро кинофестивалда намойиш этилганда уларга маъқул келган экан. Уни ҳақиқий миллий фильм сифатида эътироф этишди. Бу таъриф ўзбек кино санъатига берилган юксак баҳодир. Улардан, ҳазиллашиб, «Кинонинг нусхаси кейинги кинофестивалгача сақланадими?» деб сўраганимизда, жиддий оҳангда: «Фильмингизни киномузейимизда 200 йилгача худди шундай сақлаймиз», дея жавоб беришди...

Биласизми, мени қийнаётган нарса нима? Сўнгги вақтларда «хонтахта», «тижорат», «ялтироқ» фильмларга ружу қўйиляпти. Мен пул, манфаат аралашган санъатни санъат дея олмайман. Санъат - тоза нарса, покиза нарса, пул, ғараз аралашдими, унга путур етади. Баъзилар кинодан кино ясаяпти. Бировларнинг дарди гўё «қарз»га олиняпти. Чинакам бадиий асар дарддан туғилади, вассалом.

Мен сценарийнавислар орасида Шароф Бошбековни чин истеъдод эгаси деб биламан, унинг ижодини ҳурмат қиламан. Яна Ёлқин Тўйчиев, Абдуқаюм Йўлдошев, Ғафур Шермуҳаммадларни ҳам умидли киноижодкорлар деб айтиш мумкин. Уларнинг қалами яхши, кино тилини яхши ҳис қилишади.

Театр драматургияси кинодраматургиядан бирмунча фарқ қилади. Кинода бирон асар суратга олаётганда баъзи жойлари «ташлаб кетилади». Масалан, «Ўткан кунлар» фильмини эсланг. Чунги кинодраматургия - мустақил соҳа. Жўшқин ҳаёт акс этган, ўзбекнинг ўйларини, қалб дардини, интилишларини ҳаққоний акс эттирган фильмларнигина қўллаб- қувватлашимиз керак.

Юсуф Розиқов, Жаҳонгир Қосимов, Зулфиқор Мусоқов, Баҳодир Одилов каби режиссёрларнинг фильмлари теран фикрлар билан йўғрилганини тан олиш даркор.

«Ялтироқ», «хонтахта», «тижорат» фильмларнинг ижодкорлари ҳам, томошабинлари ҳам бир кун келиб чарчайди, зерикади. Мен ана шу кунни кутяпман...

С.М.Суҳбатингиз учун раҳмат!

 

Дилдора ТОИРОВА суҳбатлашди





Савол бермоқ

Интервью саволларини фақат рўйхатдан ўтган аъзолар бериши мумкин.
Рўйхатдан ўтган бўлсангиз, сайтга киринг ёки рўйхатдан ўтинг.

 

Шу юлдузнинг бошқа интервьюлари

Интервью Юлдузлар осмондан тушадими?
Интервью Абдураим АБДУВАҲОБОВ
Интервью Аёл - ўқилиши қийин китоб!
Интервью Dilnoza Kubayeva: "Bolaligimda televizorga chiqishni orzu qilardim"


Янги интервьюлар

23 октябр 2009
Фарзандларимсиз ҳеч кимман



23 октябр 2009
Юлдузлар осмондан тушадими?



23 октябр 2009
Эркин Аъзам: ҳаёт ҳақиқатидан қочмайлик...



20 октябр 2009
Абдураим АБДУВАҲОБОВ






Кўп кирилган саҳифалар:

  Ҳинд фильмлари   Киноафиша   Кино янгиликлари   Фильмларнинг шарҳлари   Иш жойлари